Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 32 йиллиги бугун Конимех туманида кенг нишонланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтириш, бу борадаги амалий ишлар, тадқиқотларни ривожлантириш, зарур қўлланма, луғатлар, илмий-маърифий манбаларни яратиш, унинг тарғботини кучайтириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, бу кунни биз ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Тил – бу миллат кўзгуси, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихини намоён қилувчи асосий муомала воситаси.
Она тилимиз бўлмиш ўзбек тилини асраш, ривожлантириш учун қанча даҳолар, алломалар тер тўкмади дейсиз. Хусусан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомизнинг ўзбек тилининг тараққиётига қўшган ҳиссаси, уни бутун дунёга танитишдек буюк заҳматидан биз ёшлар ўрнак олсак арзийди.
Шу муносабат билан жорий йил 21 октябрь куни туманимиз маданият марказида кенг қамровли тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда туман ҳокими М.Эгамқулов ҳам иштирок этиб, она тилимизнинг илмий-маърифий манбаларни ўрганиш мақсадида турли йўналишларда кўрик танловда ғолиб бўлган ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчиларига фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.
Туман маданият бўлими томонидан турли саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлар янгради.