May 11, 2023

Эндиликда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар 2023 йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» порталида овоз бериш йўли билан аниқланади. Бунда ҳар бир маҳаллада 8 млрд сўмдан ошмаган лойиҳалар пакети шакллантирилади.

3 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (ВМҚ-183-сон) қабул қилинди.

Унга кўра, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар 2023 йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» порталида овоз бериш йўли билан аниқланади.

Ҳар бир маҳаллада умумий қиймати 8 млрд сўмдан ошмаган ҳамда таркибида бир нечта тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган лойиҳалар пакети шакллантирилади.

Дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида (2023 йил учун, истисно тариқасида, 2023 йил май ойида) ўтказилади.

Жараён 3 та босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
  • 2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
  • 3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда қуйидаги усуллардан бири орқали аниқланади:

  • лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб;
  • аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади.

Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим.

Овоз бериш якунлангандан сўнг 3 кунда ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) сахсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.

Ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

Iyun 23, 2021

Мактабларда ўқувчиларининг таълим олишлари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилиши бевосита таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу боисдан туманимиздаги барча мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Куни кеча Конимех тумани халқ таълими бўлими мудири в.в.б. Э.Исломов бўлимнинг махсус таъмирлаш, эксплуатация қилиш хизмати бўлими ходимлари билан биргаликда туманнинг олис чўл ҳудудида жойлашган мактабларда бўлишиб,

янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан танишдилар. Шунингдек, ушбу мактабларда ташкил этилган абитуриент штаблари, сайлов участкаларининг ташкил этилиш ҳолати ҳам ўрганилди. Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури лойиҳасида 8- ва 23- мактабларда  таъмирлаш, қайта қуриш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу борада ҳам керакли таклифлар берилди.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: