May 2, 2021

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Ботир Рахматович Парпиев обод қишлоқда

Учтепа қишлоғи – Навоий вилояти марказидан 270 километр, Конимех тумани марказидан 240 километр олисда, қўшни Қозоғистон билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу масканни ўзига ватан ичра кичик ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз чорвачилиги равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг, юракларни лиммо-лим тўлдириб, жўшқин дарёдек тошиб чиқаётган зўр кўтаринкилик ва шукроналик кайфиятининг чеку-чегараси йўқ бугун.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирган юзлаб маҳалла ва қишлоқлар қаторидан энди мазкур аҳоли маскани ҳам жой олди. Мазмун ва моҳияти жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган ушбу дастур шарофати билан қишлоқда яшаётган қарийб 1,5 минг аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз бермоқда.

Мана бир йилдирки, бутун дунё давлатлари каби мамлакатимиз олдида пайдо бўлган мураккаб муаммо ва қийинчиликлар, дуч келинган турли синовларга қарамасдан, юқори суръатларда олиб борилаётган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли “Учтепа” бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгиланган қишлоғида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда барпо этилаётган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар юртимиздаги халқпарвар сиёсатнинг, она заминимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги тантаналарга айланмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, сектор раҳбарлари  жам бўлган ушбу учрашувда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари ҳам иштирок этиб, овул қувончига шерик бўлгани унга алоҳида руҳ бахш этди.

  Маҳалла ва оилани қўллабқувватлаш вазирининг ўринбосари: Ботир Рахматович Парпиев –“Мен кўрганларимдан ҳайратдаман. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқларни ислох қилиш ғоясини ажойиб тарзда амалга ошираётганининг тасдиғидир. Мен бу жойга биринчи бор келяпман. Менимча, бу мутлақо бошқа маскан. Қизилқум устида жойлашган қишлоқ шароитларига мос шинам уйлар, ҳамма қулайликлар бир жойга жамланган, аҳолининг манфаатларига мос келади. Ёшларнинг спортга бўлган иштиёқини кўрдим. Биласизми, бу каби овулларини ҳар жойда ҳам учратавермайсиз. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ерда турли миллат вакиллари истиқомат қилар экан. Улар биргаликда тинч-тотув, дўст бўлиб бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бу эса мамлакатдаги тинчлик-осойишталикнинг асосидир”, — деди.

Овулда “Обод ва хавфсиз маҳалла” ҳамда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Овулда маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосар ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит муҳайё қилинган.

1 ва 2-секторлар штаби, тиббиёт пункти филиали каби одамларга максимал даражада қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган. Меҳмонлар шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, икки институтни уйғун ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.

 Юртбошимизнинг 2018 йилда чиқарган “Обод маҳалла, Обод қишлоқ” дастурига биноан бугун “Учтепа” қишлоғи катта совғага эришди. Бу қишлоқ янгича қиёфага айланди десак муболаға бўлмайди. Юртимизнинг энг катта бойлиги, бу тинчлик, осойишталик. Миллатлараро тотувлик Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарияти эътиборида.

“Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” ғояси “Учтепа” қишлоғи ҳаётида ҳам мустаҳкам қарор топди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқдаги 240 ўринли 8-умумий ўрта таълим мактаби тўлиқ таъмирланиб, қўшимча равишда 120 ўринли бино қурилиб, замонавий асосда жиҳозланади. Бу мактабда таълим қозоқ тилида олиб борилади.

Аниқ рақамларга мурожаат қилсак: “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2 та нуқтада 300 метр ер қаъридан чучук сув чиқарилиб, 14.6 км. сув тармоғи ҳар бир хонадонга тортилади, 2 та ичимлик суви объекти мукаммал таъмирланади. Натижада, 6 та ичимлик суви объекти тўлиқ қувватда ишга тушиб, “Учтепа” овул фуқаролар йиғинидаги 1.5 мингдан ортиқ аҳоли оби ҳаёт билан таъминланади.

Аслида ҳам эзгулик миллат-у тил танламайди. Эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал бирлашган нуқтада бунёдкорлик қудрати ўз сўзини айтади. Дилларни дилларга пайванд этадиган ҳам, инсонларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштирадиган ҳам, одамзот ҳаётининг мазмуни ҳам фақат ва фақат эзгуликдир.

 

Конимех туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 


Spelling error report

The following text will be sent to our editors: