Унинг очилиш маросими йиғилганларда илиқ таассурот уйғотди
Масжид – мўмин-мусулмонлар учун қадрли жой. Фақат ибодат маскани сифатида эмас, балки руҳий озуқа оладиган ва ўзаро биродарлик ришталарини боғлайдиган макон сифатида табаррук маскандир. Шунга кўра, янги масжид очиш, жомеларни бунёд этиш ва мавжудларини гўзал ҳолатга келтириш – савоби улуғ амал ҳисобланади.
Охирги вақтларда юртимиздаги масжидларда етарли шарт-шароитлар ҳозирлаш, ибодат қилиш учун қулайликлар қилиб бериш ва ваъз-насиҳатлар тинглаш учун кенг имкониятлар муҳайё этилмоқда.
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидлардир,” деганлар. Масжидлар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.
Масжидларда мусулмон авлод тарбия топади. Тавҳидни, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишни, Аллоҳни яхши кўришни, Унга юзланиб, тавба қилишни, Унинг ибодатларига бўлган рағбатнинг кучайишини, Унга исён қилишдан узоқлашишни, Ундан қўрқишни, Ундан умидвор бўлишни, Унга ихлос, таваккул қилишни, Унга ибодат қилишни, Унга бандалик қилишни ўрганадилар.
Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Еттита иш борки, бандага, у вафот этганидан кейин қабрида ётганида ҳам ажри етиб туради: ким илм ўргатса ёки дарё кавласа, қудуқ қазиса ёки хурмо экса, ёки масжид бино қилса ва Мусҳафни мерос қилиб қолдирса, ёки вафотидан кейин унга истиғфор айтадиган фарзанд қолдирса”.
Ҳар бир мўмин, мусулмон одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилса ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади, дейдилар.
Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги барча масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир.
Бугун кўп миллатли Конимех аҳли ҳам ана шундай нурли бир маскан, замонавий шароитдаги Масжиднинг очилиши арафасида турибди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, хайрихоҳ ва саховатпеша инсонларнинг беғараз ҳомийликлари туфайли бугун туман марказида муҳташам, ўзига хос дизайн ва тарихий архитектура ечимларини мужассам этган янги масжид қад ростлади. Шарқона меъморий кўриниш ҳамда замонавий шарт-шароитга эга бўлган мазкур “Мих ота” масжиди бир вақтнинг ўзида 1000 нафардан ортиқ намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.
Ушбу масжид қурилишида қўллаб-қувватлаган, ёрдам кўрсатган, саҳоватпешалик қилган барча тумандошларимиз, ва ташкилотларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилди. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.
Туман марказида қад ростлаган ушбу жоме масжиди, юртимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган ҳамда фазилатли, Муборак Рамазон ойи олдидан халқимиз учун жуда катта туҳфа бўлди, барчани беҳад қувонтирди десак муболаға бўлмайди, албатта.
Азиз тумандошлар! Барчангизга муқаддас ва нурли макон – “Мих Ота” жоме масжидининг очилиши муборак бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!