Iyun 9, 2021
http://t.me/konimex_tumani_axborot_xizmati

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди. Биз фақат инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга эришамиз. Иқтисодиётдаги ижобий натижалар эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратади. Буни ҳаммамиз чуқур тушуниб олишимиз ва ишимизни шу асосда ташкил этишимиз шарт. Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини тўла намоён этиш чораларини кўришимиз кундалик ҳаётимиздан жой олган энг долзарб масалалардан бири бўлмоғи лозим”, деб таъкидлаб, хорижий инвестицияларнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ғоят муҳим аҳамиятини ва уни жалб қилишнинг долзарблигини эътироф этади.

Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, инвестиция фаоллигининг ўсиш суръатлари инвестиция муҳитига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Хорижий инвестицияларни республика иқтисодиётига жалб этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратилиши муҳимдир, у, қачонки, қайси мамлакатда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий шартшароитлар мавжуд бўлсагина ўша давлат иқтисодиётига қўйилиши мумкин. Инвестиция муҳитининг жозибадорлиги хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Ўз навбатида, инвестиция муҳити Конимех туманида алоҳида эътибор марказидадир. Туманда инвесторлар ва тадбиркорларга яратилган имкониятларни кўрган Латвия давлатининг “Geo Resources” МЧЖ хорижий корхонаси раҳбари Жанис Вилгерц 2021-2022 йилларда қиймати 7 млн. АҚШ доллари эвазига донадор фосфорит қазиб олиш таклифини билдирди.

Бундан ташқари 2022-2023 йилларда қиймати 38 млн. АҚШ доллари бўлган фосфорни бойитиш комплексини ташкил этиш бўйича туман ҳокими Муратхан Эгамқулов билан икки томонлама музокара олиб борилиб, келишувга эришилди.

Конимех тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Iyun 8, 2021

Президент “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб:

-ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этиш;

-қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (кейинги ўринларда – уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бунда, лойиҳа доирасида:

а) давлат шериги:

-қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларини инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратади;

-уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (жумладан газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортилишини таъминлайди;

-қарорнинг 4 ва 5-бандларида кўрсатилган имтиёзларни тақдим этади;

б) инвесторлар:

-лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг (ТИА, чизмалар ва бошқалар) тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

-уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилишга оид лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларини “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда ишлаб чиқади;

-давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади;

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб шартномада келишилган муддатгача етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотиш ва ҳисобини юритиш ишларини амалга оширади;

-давлат шериги ва ташаббускор аҳоли билан тузилган шартномалар шартларига амал қилади;

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддат ва миқдорда хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва ташаббускор аҳоли фаолият юритаётган уй-иссиқхона мажмуасини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати тугагандан сўнг давлат шеригига ўтказилган ҳолда бепул тарзда ташаббускор аҳолига белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди;

в) ташаббускор аҳоли:

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддатгача тузилган шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади;

-келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида (ижара шартномасининг амал қилиш муддатига) бепул қабул қилиб олади ҳамда келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

 

Конимех туман адлия бўлими.

 

Iyun 7, 2021

Президент сайлови мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.

Бу сайловда очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда кенг таъминланиши учун участка сайлов комиссияларидан то Марказий сайлов комиссиясигача – барча даражадаги сайлов комиссиялари, барча сайлов ташкилотчилари ўз ишини энг илғор демократик принциплар асосида ва юксак ташкилий даражада амалга оширишини тақозо қилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан энди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Аввало, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда барча округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун семинарлар, тренинглар, ўқув машғулотлари, конференциялар, давра суҳбатлари бошқа тадбирлар, жумладан онлайн мулоқотлар, ўтказилади.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Жорий йилнинг 7 июнь куни Конимех тумани 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг 2021 йил 10 майдаги 05-1-1624-сонли хати ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 27 апрелдаги 1069-сонли қарори ижроси юзасидан ўқув семинари бошланди.

Ўқув семинар жорий йилнинг 15 июн санасигача давом этади.

 

Iyun 7, 2021
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар орасида ўтказиладиган «Ташаббус-2021» кўрик-танловини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 апрельдаги 278-ф-сонли фармойишига асосланиб, Навоий вилояти, Конимех тумани ҳокимлигида «Ташаббус-2021» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Танловни ўтказишдан мақсад – худудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантирувчи бизнес муҳит яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорлар ўртасида хўжалик алоқаларини кенгайтириш ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни реклама қилишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятида корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ҳайъат аъзолари иштирокчилар томонидан намойиш этилган маҳсулотларни кўздан кечириб, уларнинг ҳулосасига кўра куйидагилар ғолиб деб топилди:

Асосий номинациялар бўйича:

  • Саноат соҳасида – “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси буйича I ўринни туманда фаолият кўрсатаётган “Feed korm chiсkens” МЧЖ;
  • Хизмат кўрсатиш соҳасида – “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси бўйича I ўринни туманда фаолият кўрсатаётган “Konimex-Qizilqum Shubat ” МЧЖ;
  • “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси бўйича I ўринни туманда фаолият юритаётган “Aykerim” МТМ;
  • “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида I ўринни эса, “Учкун-Наркул-ўғли” ФХ;
  • “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида I ўринни туманда фаолият кўрсатаётган ЯТТ Джурақулова Дилнавоз Эргашбоевна эгаллаб кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Конимех тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Iyun 4, 2021

Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ягона статистика услубияти асосида ўтказиладиган, белгиланган санага қадар аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифини аниқловчи маълумотларни йиғиш, олинган маълумотларни қайта ишлаш ва умумлаштириш, якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш ва ундан фойдаланиш жараёнидир.

Бу тадбирда нафақат статистика органлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам бевосита иштирок этадилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини ўз назоратига олади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди.

Шу мақсадда, 2020 йилнинг 11 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.

Мазкур вазифалар тизимли тарзда амалга оширилиши натижасида республика аҳолиси тўғрисидаги ишончли маълумотлар базаси яратилади.

 

Конимех тумани статистика бўлими

May 20, 2021
 

Конимех тумани ҳокимининг қарори ҳам электрон тизим орқали қабул қилинди.

Конимех туманида ҳокимлар қарорларини қабул қилиш жараёнини бутунлай электрон шаклда амалга оширишни назарда тутувчи “E-qaror” электрон тизими ишга туширилиб, у орқали туман ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Ҳудудда мазкур йўналишдаги ишлар адлия вазирлиги ишчи гуруҳи кўмагида белгиланган тартибда шакллантирилиб, туман ташкилотларининг соҳа бўйича тегишли масъуллари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.

Конимех туманида туман ҳокимининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПФ-6221-сонли Фармони ҳамда вилоят ҳокимининг 2021 йил 8 майдаги Қ-74-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида”ги илк электрон қарори қабул қилинди.

Янги онлайн дастурнинг устунлик томонлари, чиқарилаётган қарорларни тўғридан-тўғри “E-qaror” электрон тизими орқали кенг жамоатчилик бемалол кузатиб бориши мумкин.

“E-qaror” электрон тизимини республикамизнинг барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилиши уларнинг фаолияти ва иш юритувининг шаффофлашишига, ортиқча вақт сарфланишининг, қоғозбозликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишини олдини олиш, ҳокимликлар фаолияти очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорга асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — “E-qaror” 2021 йилнинг январь – май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши, 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида “E-qaror” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланган.

May 19, 2021

Йиғилиш бошида давлатимиз раҳбари халқимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳолатидан норози, ҳар бир раҳбар тиббиёт бўйича аҳоли олдида ҳисобдор бўлиши керак,- деб таъкидлаб ўтди.

Маълум қилинишича, жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи           13 фоиз аҳоли тиббиётда ижобий ўзгаришларни сезаётганини билдирган. Айниқса, Андижон, Хоразм ва Тошкент вилоятларида яшовчи аҳоли бу соҳадаги ишлар аҳволидан қониқмаяпти.

Давлат раҳбари соҳада 5 та йўналишда жиддий ўзгаришлар қилиш шартлигини қайд этди:

Биринчиси – бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.

Иккинчиси – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

Бешинчиси – тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Президент бу ишларни вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт раҳбарларининг ҳаммаси ҳам аниқ тушуниб ишламаётганини айтди.

Бепул тиббиёт йўқ деяпти одамлар. Ҳаммаёқда коррупция деяпти одамлар. Республикадан маблағ ажратиляпти, лекин унинг қадрига етиб тўғри йўналтирилмаяпти, – деди давлат раҳбари.

Шу йил 1 июлдан бошлаб сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш бўйича янги тизим жорий этилади.

Биринчи босқичда Сирдарё вилоятида оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали, эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган юрак ва қон-томир касалликларини даволаш учун аҳоли дори воситалари билан бепул таъминланади.

Давлат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Иноятовга бир ой муддатда бирламчи бўғинда даволаш бепул тиббий хизматлар пакетини амалиётга киритиш топшириғини берди.

Президент туман ва шаҳар ҳокимлари бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Агар улар қўшимча маблағ ажратиб, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда шароитни яхшиласа, малакали шифокорларни кўпайтирса аҳолининг 70 фоиз муаммолари жойида ҳал бўлади  деди.

Бунга Китоб тумани мисол бўлади. Ҳудудда 1 ой ичида сурункали касалликлар бўйича учинчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб 20 турдан ортиқ касалликлар бўйича 1,5 минг беморга жойида керакли ёрдам кўрсатилгани боис, вилоят ва республика шифохоналарига мурожаат 2 бараварга камайган.

Йиғилишда 20 та туманда тиббиёт бирлашмаларининг ишлари етарли даражада ташкил этилмагани қайд этилди. Улар Қоровулбозор, Чироқчи, Қамаши, Қўнғирот, Чимбой, Марҳамат, Жалақудуқ, Зарбдор, Мингбулоқ, Поп, Оқдарё, Сайхунобод, Ангор, Пскент, Юқоричирчиқ, Ёзёвон, Учкўприк, Янгиариқ, Хива, Сергели туманлари.

Сўнгги бир йил ичида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилиниб, барча масалалар ҳал қилиб берилган.

Соҳани ривожлантириш мақсадида жорий йилда бюджетдан 21 триллион сўм ажратилган. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп.

Лекин вазир ўринбосарларининг масъул участкаси масалани ҳал қилишда ваколати бўлмаса, фидойи бўлиб, пастга тушиб бевосита маҳаллада ишни ташкил қилмаса, ислоҳотлар аҳолигача етиб бориши қийин. Шу боис, бугундан бошлаб барча вазир ўринбосарлари ўз йўналишлари бўйича, ислоҳотлар натижадорлигига масъулиятни тўлиқ олган ҳолда, шахсан жавоб беради, – деди давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларга шифокорларни жалб қилиш ишлари суст олиб борилаётганига ҳам алоҳида тўхталди.

Таъкиданишича, шу пайтгача чекка ҳудудларга атиги 36 нафар шифокор ишга қабул қилинган. Жиззахда бирорта шифокор билан шартнома тузилмаган.

Бундан ташқари, ишга қабул қилинган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўмлик бир марталик тўловни амалга ошириш ҳам энди бошланмоқда. Маълум бўлишича, Навоий вилоятида ҳозирча 6 нафар, Фарғона вилоятида 4 нафар шифокор бир марталик тўловларни олган.

Президент бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, туман ва шаҳар ҳокимлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари ректорларига камида 200 нафар битирувчини олис ва чекка ҳудудларга ишга юбориш бўйича шартнома имзолаш топшириғини берди.

 

Конимех туман адлия бўлими

May 13, 2021

Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда Сизларни, барча мўмин-мусулмонларни, Ислом динининг улуғ ва муборак байрамларидан бири бўлмиш Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Aввало, мана шундай файзли, нурафшон кунларга етиб келганимиз учун Aллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

 Инсонларни эзгулик ва ҳайр-саховат ришталари ила бир-бирларига янада яқинлаштирувчи ушбу айём уйингизга файз-барака, тўкин-сочинлик ҳамда тинчлик олиб киришига тилакдошман.

 Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатлари мусулмонларини ҳам самимий қутлаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва фаровонлик ёр бўлишига тилакдошман.

 Меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизнинг мўътабар моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуолари ижобат бўлсин!

Жонажон Ватанимизни, азиз халқимизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин! 

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқулов.

May 2, 2021

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Ботир Рахматович Парпиев обод қишлоқда

Учтепа қишлоғи – Навоий вилояти марказидан 270 километр, Конимех тумани марказидан 240 километр олисда, қўшни Қозоғистон билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу масканни ўзига ватан ичра кичик ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз чорвачилиги равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг, юракларни лиммо-лим тўлдириб, жўшқин дарёдек тошиб чиқаётган зўр кўтаринкилик ва шукроналик кайфиятининг чеку-чегараси йўқ бугун.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирган юзлаб маҳалла ва қишлоқлар қаторидан энди мазкур аҳоли маскани ҳам жой олди. Мазмун ва моҳияти жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган ушбу дастур шарофати билан қишлоқда яшаётган қарийб 1,5 минг аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз бермоқда.

Мана бир йилдирки, бутун дунё давлатлари каби мамлакатимиз олдида пайдо бўлган мураккаб муаммо ва қийинчиликлар, дуч келинган турли синовларга қарамасдан, юқори суръатларда олиб борилаётган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли “Учтепа” бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгиланган қишлоғида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда барпо этилаётган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар юртимиздаги халқпарвар сиёсатнинг, она заминимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги тантаналарга айланмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, сектор раҳбарлари  жам бўлган ушбу учрашувда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари ҳам иштирок этиб, овул қувончига шерик бўлгани унга алоҳида руҳ бахш этди.

  Маҳалла ва оилани қўллабқувватлаш вазирининг ўринбосари: Ботир Рахматович Парпиев –“Мен кўрганларимдан ҳайратдаман. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқларни ислох қилиш ғоясини ажойиб тарзда амалга ошираётганининг тасдиғидир. Мен бу жойга биринчи бор келяпман. Менимча, бу мутлақо бошқа маскан. Қизилқум устида жойлашган қишлоқ шароитларига мос шинам уйлар, ҳамма қулайликлар бир жойга жамланган, аҳолининг манфаатларига мос келади. Ёшларнинг спортга бўлган иштиёқини кўрдим. Биласизми, бу каби овулларини ҳар жойда ҳам учратавермайсиз. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ерда турли миллат вакиллари истиқомат қилар экан. Улар биргаликда тинч-тотув, дўст бўлиб бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бу эса мамлакатдаги тинчлик-осойишталикнинг асосидир”, — деди.

Овулда “Обод ва хавфсиз маҳалла” ҳамда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Овулда маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосар ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит муҳайё қилинган.

1 ва 2-секторлар штаби, тиббиёт пункти филиали каби одамларга максимал даражада қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган. Меҳмонлар шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, икки институтни уйғун ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.

 Юртбошимизнинг 2018 йилда чиқарган “Обод маҳалла, Обод қишлоқ” дастурига биноан бугун “Учтепа” қишлоғи катта совғага эришди. Бу қишлоқ янгича қиёфага айланди десак муболаға бўлмайди. Юртимизнинг энг катта бойлиги, бу тинчлик, осойишталик. Миллатлараро тотувлик Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарияти эътиборида.

“Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” ғояси “Учтепа” қишлоғи ҳаётида ҳам мустаҳкам қарор топди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқдаги 240 ўринли 8-умумий ўрта таълим мактаби тўлиқ таъмирланиб, қўшимча равишда 120 ўринли бино қурилиб, замонавий асосда жиҳозланади. Бу мактабда таълим қозоқ тилида олиб борилади.

Аниқ рақамларга мурожаат қилсак: “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2 та нуқтада 300 метр ер қаъридан чучук сув чиқарилиб, 14.6 км. сув тармоғи ҳар бир хонадонга тортилади, 2 та ичимлик суви объекти мукаммал таъмирланади. Натижада, 6 та ичимлик суви объекти тўлиқ қувватда ишга тушиб, “Учтепа” овул фуқаролар йиғинидаги 1.5 мингдан ортиқ аҳоли оби ҳаёт билан таъминланади.

Аслида ҳам эзгулик миллат-у тил танламайди. Эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал бирлашган нуқтада бунёдкорлик қудрати ўз сўзини айтади. Дилларни дилларга пайванд этадиган ҳам, инсонларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштирадиган ҳам, одамзот ҳаётининг мазмуни ҳам фақат ва фақат эзгуликдир.

 

Конимех туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 


May 2, 2021

Қизилқумдаги обод қишлоқ

Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир.

Бу эзгу ният йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар кўлами кундан-кунга янада ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган бу тизим — “Обод қишлоқ” дастури қишлоқларимиз, айниқса, олис ҳамда чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Ркспубликаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2021 йил 3 февраль ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурларини узвий давом эттириш орқали ҳудудларнинг йўл транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда у асосида аҳолининг фаровонлиги ва турмуш тарзини янада юксалтириш мақсадида, Навоий вилоятининг Конимех тумандаги 2 та “Учтепа” ОФЙ ҳамда “Янгиғазҳон” ОФЙнинг “Пахтакор” овули киритилди.

Конимех туманининг Учтепа қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар жумладан, Конимех тумани “Учтепа” ОФЙда йўл транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш  ишларига 250 нафар хашарчилар ва 25 та махсус автомобиллар жалб этилган бўлиб, ички йўлларнинг қурилиши ва мукаммал таъмирлаш учун 7,5 км масофадаги кўчаларга шағал ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.

Қабристонда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил қилинмоқда. Хотира майдонини мукаммал таъмирлаш ва оғир шароитда яшаётган ёрдамга муҳтож оилалаларнинг хонадонлари атрофи уралиб, фасад қисми  таъмирлаб берилмоқда.

Ичимлик ва оқава суви таъминотини ривожлантириш дастури доирасида 14.6 км масофадаги ичимлик суви тармоқларини тортиш,  газ таъминотини яхшилаш тармоқ дастурлари доирасида қўшимча 45 дона газ балон график асосида етказиб берилмоқда.

Электр таъминотини яхшилаш тармоқ дастури асосида эса 9.6 км демонташ ва реконстркуция ишлари амалга оширилмоқда. 8-сон мактаб биноси реконструкция ва (120 ўринли блок қуриш) ҳамда Маданият марказини мукаммал таъмирлаш асосида Маданият ва Маҳалла биносига мослаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Конимех тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: