Aprel 10, 2021

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарорига асосан “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Ушбу низомнинг 4-боби қуйидагича;

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун аризаларни кўриб чиқиш тартиби

Оила аъзоларининг барча расмий даромадлари, шунингдек, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромаднинг ҳисоб-китоби, оила аъзоси номида мавжуд бўлган кўчмас мол-мулки ва автотранспорт воситалари тўғрисида маълумотлари ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда жамланади ва ҳисоб-китоб қилинади.

Оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган мезондан ошганда;

б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган:

ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;

жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;

г) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;

д) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда бозор қийматидаги қимматли қоғозлари мавжуд бўлганда;

е) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;

ж) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда такрорий ариза тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза «Ягона реестр» АТга киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига жўнатилади;

з) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

и) оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;

к) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда.

Ушбу қоида:

бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилувчи оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);

таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи ўқиш ҳолатлари бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга;

амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;

16 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда, отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга (ушбу маълумот Пенсия жамғармаси бўлими томонидан аниқлаштирилади);

чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;

оиланинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида (ўзини ўзи бошқариш органининг оила таркиби ва иқтисодий аҳволи тўғрисидаги маълумотида ёритилиши лозим) оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;

суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида эканлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;

туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Ушбу бандда кўрсатилган мезонлар асосида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилганда, ариза берувчига хабар «Ягона реестр» АТ орқали рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда электрон шаклда (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига) юборилади.

Ариза берувчининг ушбу Низомнинг 6 ва 19-бандларига мувофиқ болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдамни олиш ҳуқуқига эга эмаслиги «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган маълумотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оиланинг таркиби бўйича тақдим этилган маълумотларга асосан аниқланади.

Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан ариза берувчи тўғрисида электрон шаклда автоматлаштирилган тарзда олинган маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳимояланади. Ушбу маълумотлардан фойдаланиш ваколати Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармасининг буйруғи билан расмийлаштирилган масъул ходимга берилади.

 

Бюджетдан ташқари Пенсия

жамғармасининг Конимех туман бўлими

Dekabr 21, 2020

Бугун Конимех тумани ҳокимлиги мажлислар залида маҳаллий Кенгаш депутатларининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоят ҳокими ўринбосарлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Конимех тумани ҳокимлиги мутасаддилари, дахлдор корхона ва ташкилотлар, муассасалар масъуллари, тадбиркорлар ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди. Сессия ишида дастлаб Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқуловнинг 2020 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, туманда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 273,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104 фоизга, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 62,1 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 394,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,7 фоизга, шунингдек асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми эса 1 трлн 281 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125,1 фоизга ўсганлигини кузатиш мумкин.
Конимех тумани ҳақида гап кетганда, шу вақтга қадар кўпчиликнинг кўз ўнгида чорвадорлар замини номоён бўлар эди. Бундан тўрт-беш йил муқаддам Конимехга саноатнинг кириб келишига рости ҳеч ким ишонмас эди. Биргина жорий йилнинг ўзида саноат йўналишида умумий қиймати 50,9 млрд сўмлик жами 17 та лойиҳанинг ишга туширилиши эса ана шу афсоналар ҳақиқатга айланганидан далолатдир. Фикримиз далилини “Шожон Туз Груп” масъулияти чекланган жамият фаолияти мисолида ҳам илғаш қийин эмас. Мазкур корхона бир йилда 10 минг 250 тонналик тўрт хил турдаги туз маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Поёнига етаётган 2020 йилда корхона томонидан 4 млрд 675 млн сўмлик импорт ўрнини босувчи суюқ ва шифобахш туз маҳсулотлари  ишлаб чиқарилиб, маҳаллий бюджетга қўшимча 280 млн сўм миқдорида солиқ тушумлари туширилди. Шунингдек, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларида рўйхатда турувчи 50 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек маърузачининг таъкидлашича, жорий йилда “Феед Корм Чискенс”МЧЖ томонидан ишлаб чиқариш қуввати йилига 12 минг 500 тонналик озуқа ем маҳсулотлари ишалб чиқарилган. шу билан бирга, “Вояж инвест сервис” МЧЖ томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 75 тонналик қурилиш қумлари ишлаб чиқариш, “Навоий миллинг” хорижий корхонаси томонидан қиймати 1 млн АҚШ долларлик фосфор қазиб олиш ҳамда “Навоий экспорт компаний”МЧЖ томонидан эса 11 хил турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди. Сессияда туман ҳокими Муратхан Эгамқулов 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга мўлжалланган дастури юзасидан ҳам иштирокчилар олдида ҳисобот берди.

Бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналист ва блоггерлар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачидан атрофлича жавоблар олишди. Сессия иши ниҳоясига етгач, маҳаллий тадбиркорларнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда асосан тикув трикотаж, қоракўлчилик, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари намойиш этилди.

Тобора ниҳоясига етиб бораётган 2020 йилни меҳнатдаги улкан муваффақиятлар билан якунлаётган конимехликлар Янги йилни катта қувонч, олам-олам орзулар оғушида кутиб олишмоқда. Одамларни рози қилиш орқали аҳолининг турмуш-фаровонлигини ошириш бўйича туман ҳокимининг конимехликларга йўллаган мурожаатидан илиқ таассуротга эга бўлган фаоллар ва маҳаллий аҳоли вакиллари туман марказида қад ростлаган Янги йил арчаси атрофида Қорбобо ва Қор қизнинг дил изҳорлари ҳамда байрам шодиёналаридан ҳам баҳраманд бўлишди.

Шунингдек, байрам муносабати билан ҳокимлик томонидан арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасининг ташкил этилиши одамларни мамнун этиб, ҳар бир қалбга Янги йил шукуҳини мустаҳкамлади.

Конимех туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Dekabr 20, 2020

Бугунги кунда аҳоли хонадонларидаги газ жиҳозларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги мавсумни беталофат ўтказишда муҳим. Газ жиҳозларининг созлигини таъминлашда эса газ ходимларининг ҳиссаси катта.

Ҳозирда Конимех туманида табиий газдан фойдаланадиган 5405 та аҳоли хонадони бўлиб, уларнинг жами 3624 та газ жиҳозлари тўлиқ кўрикдан ўтган. Мавжуд 102 та улгуржи истеъмолчининг 57 та газ жиҳозига белгиланган шартнома асосида техник хизмат кўрсатилиб, тафтиш ишлари бажарилган.

“Konimextumangaz” газ таъминоти бўлимида уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш йўналишида 6 нафар чилангар фаолият олиб боради. Шулардан 1 нафари улгуржи истеъмолчилар, 5 нафари эса аҳоли истеъмолчиларининг газ жиҳозлари созлиги учун масъул ҳисобланади. Бўлим томонидан 2021 йил учун аҳоли ва улгуржи истеъмолчилардаги газ жиҳозларини таъмирлаш учун барча маҳаллаларга чилангарлар бириктирилиб, режа-графиклар ва чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.  Мавжуд тартиб-қоидага асосан, газ таъминоти ташкилоти тасдиқлаган жадвал ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарига белгиланган муддатларда хизмат кўрсатилади.

Тегишли ҳужжатларда газ жиҳозларини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатиш муддатлари қуйидагича белгиланган: кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда – бир йилда бир марта; турар жойлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари ва иситиш печкалари – йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш – ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал.

Шуни унутмаслик керакки, маиший истеъмолчилар ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, приборлар, ускуналар, шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошқаларни соз ҳолатда сақлаш, электр ёритиш ва вентиляция тизимининг доимий ишлашини таъминлашлари зарур. Шунингдек, улар фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш юзасидан бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Шерзод Худойбердиев,

“Konimex tumangaz” газ таъминоти бўлимининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш хизмати бошлиғи

Dekabr 19, 2020

Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқарув академияси томонидан вилоят ва туман секторлари раҳбарлари ҳамда ҳокимликлар учун Академия марказий студияси орқали видеоконференцалоқа шаклида “Сиёсий (Маърифат) соат” бўлиб ўтмоқда.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: