Hurmatli foydalanuvchilar! Sayt test rejimida, tarkibni to'ldirish bo'yicha ishlar olib borilmoqda. Noqulayliklar uchun uzr so'raymiz. Sayt ma'muriyati.
Mart 1, 2022

1 мартдан қандай ўзгаришлар бўлади?

ЧЕГИРМАЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ/ Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида республикада ўтказилаётган спорт мусобақалари, ўқув-машғулотлар йиғинларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун вилоятлараро йўналишлар бўйича (темир йўл ва авиачипта) транспорт харажатларига 2022 йил 1 мартдан 2024 йил 1 сентябргача чегирмалар жорий этилади.

ИМТИЁЗ ЎРНИГА КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛ ТЎЛОВИ ТЎЛАНАДИ.

Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади;ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади.

НОГИРОНЛАР УЧУН ТЎЛАНГАН ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ ТЎЛИҚ ҚАЙТАРИЛАДИ. Болаликдан ногирон бўлган шахслар ва I ва          II гуруҳ ногиронлари даромад солиғи бўйича имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

2024 йил 1 мартгача иш берувчиларга ногиронлар учун тўланган ижтимоий солиқ Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ МАСЪУЛ. Мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг        50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади;

мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.

ОЧИҚ ТЕНДЕРЛАР ФАҚАТ ЭЛЕКТРОН ТИЗИМ ОРҚАЛИ ЎТКАЗИЛАДИ. Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон тизим орқали ўтказилади.

ЭНДИ АПОСТИЛЬ ҚЎЙИШ ҲАМ… Расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти кучга киради.

ҲАЙДОВЧИГА ОСОН БЎЛДИ. Ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш,рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатларни, ишончномани, суғурта қоғозини ёнида олиб юриши талаб этилмайди.

ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА КЎРСАТИЛАДИГАН МУҲИМ ХИЗМАТЛАР Қуйидаги хизматлар ЯИДХП орқали электрон шаклда кўрсатилади:

Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;

-чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;

-судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;

-автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;

-жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

ЧАВАНДОЗЛАР МАКТАБИ ОЧИЛАДИ. Чавандозлар мактаблари ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, разрядли ва

унвонли спортчилар тайёрлаш тизими жорий этилади.

“E-EKSPERTIZA” ЯГОНА ЭЛЕКТРОН АХБОРОТ ТИЗИМИ ИШГА ТУШИРИЛАДИ. Аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

100 ЁШГА ТЎЛГАН ВА УНДАН ОШГАНЛАР ИМТИЁЗИ.

а) компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади;

б) ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларгакомпенсация тўлови жорий этилади.

Бунда, ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар учун ҳар ойлик компенсация тўлови-пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида тўланади;

в) ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади. Бунда, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар нафақасига ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

“ТОПИЛМАЛАР СТОЛИ” ФАОЛИЯТИ ТУГАТИЛАДИ.

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги “Топилмалар столи” фаолиятини тугатиш ҳамда 2022 йил 1 мартдан бошлаб туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши йўлга қўйилади.

                                                                    Конимех туман адлия бўлими.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: