Iyun 8, 2021

Президент “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб:

-ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этиш;

-қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (кейинги ўринларда – уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бунда, лойиҳа доирасида:

а) давлат шериги:

-қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларини инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратади;

-уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (жумладан газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортилишини таъминлайди;

-қарорнинг 4 ва 5-бандларида кўрсатилган имтиёзларни тақдим этади;

б) инвесторлар:

-лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг (ТИА, чизмалар ва бошқалар) тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

-уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилишга оид лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларини “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда ишлаб чиқади;

-давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади;

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб шартномада келишилган муддатгача етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотиш ва ҳисобини юритиш ишларини амалга оширади;

-давлат шериги ва ташаббускор аҳоли билан тузилган шартномалар шартларига амал қилади;

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддат ва миқдорда хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва ташаббускор аҳоли фаолият юритаётган уй-иссиқхона мажмуасини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати тугагандан сўнг давлат шеригига ўтказилган ҳолда бепул тарзда ташаббускор аҳолига белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди;

в) ташаббускор аҳоли:

-уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддатгача тузилган шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади;

-келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида (ижара шартномасининг амал қилиш муддатига) бепул қабул қилиб олади ҳамда келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

 

Конимех туман адлия бўлими.

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: