Дунёдаги ҳар бир миллат ва элат ўзининг миллий спортини жаҳонга олиб чиқиш ва энг нуфузли Олимпия ўйинлари дастурига киритишга интилади. 2020 йил 4 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида Кураш спорт турини Олимпия ўйинлари дастурига киритиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, Қарорда аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш, кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Қолаверса, Ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чоралари кўрилиши ҳам баён этилган.
Жумладан, Навоий вилоятида ҳам Кураш миллий спорт турини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бунга мисол куни кеча Навоий шаҳридаги Кураш мактабида спортнинг Кураш тури бўйича 250 нафарга яқин 2008-2009-2010 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилди.
Мусобақа аввалида сўз олган вилоят Кураш федерацияси ижрочи директори Мамадали Норов ҳамда Конимех тумани Кураш федерацияси туман бўлими ижрочиси Йўлчи Жабборов мусобақа иштирокчиларига зафарлар тилаб, бугунги кун эртанги кун учун забт этилиши лозим бўлган марра эканлиги, шунингдек ёшларимиз келгусида жаҳон биринчиликларида, олимпия ўйинларида юртимиз байроғини энг юқори чуққиларга кўтаришларига ишонишини билдириб ўтдилар.
Рақибига муросасиз кураш таклиф қилган ҳолда конимехлик ёшлар чемпионлик учун курашиш мақсадида ўз вазн тоифаларида майдонга чиқиб келишди. Шиддатли кечган курашларда ўзининг алоҳида эпчиллиги ва тезкорлиги билан ажралиб турган Бердиев Нурмухаммад 60 кг 1-ўрин, Файзуллаев Баходир 52 кг 2-ўрин, Нематов Сардор 48 кг 3-ўрин, Қурбонов Бехруз 33 кг 3-ўринни хақли равишда ўз вазн тоифасида чемпион деб топилдилар.
Мусобақа якунларига кўра ўз вазн йўналишларида 11 та 1-ўрин, 11 та 2-ўрин ва 22 та 3-ўрин эгалари Вилоят Кураш федерациясининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мусобақа ғолибларига келгуси чемпионтларда фақат ғалабалар қозониб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришларини тилаб қоламиз.
Конимех тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.