Avgust 31, 2022

“Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–198-сон, 24.08.2022 й.) қабул қилинди

Фармон билан қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар 2022 йил        1 сентябрдан бекор қилинади:

-ерга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишда:

ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатиш, мазкур ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин;

-ердан ихтиёрий воз кечишни Ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштириш (ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ҳуқуқни бекор қилиш учун асос бўлади);

-юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш;

-ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлатнинг бошқа кўчмас мулкини бериш, бунда кўп квартирали уйлардаги турар жой берилиши мумкин;

-турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга оширишда:

-турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаганларни доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш;

-суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш.

2023 йил 1 январдан Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими ҳисобланади.

Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.

Мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божи олинмайди

Фармонга кўра, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк сотилганда, кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчи мулк қийматини       3 йилгача бўлиб тўлаши мумкин.

Шунингдек, мансабдор шахслар ва хизматчиларнинг қуйидаги ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда жиноий жавобгарликка тортишгача чоралар қўлланилади:

-мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш, мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;

-мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;

-хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдор рухсатисиз кириш;

-мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки тасарруф этишга аралашиш, бу тўғрисида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;

-мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш;

-мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш;

-мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотларни мулкдорнинг рухсатисиз ишлатиш;

-мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш.

Кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади.

Фармонга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институти кенг жорий этилади. Бунда cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари кўриб чиқиш учун судга киритилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатлар қисқартирилади.

Фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Фармонга кўра, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Конимех туман адлия бўлими.

 

 

Avgust 4, 2022

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 10 июнидаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Бугунги кунга келиб, МДҲ давлатларида, шунингдек мамлакатимизда ҳам бу жараёнга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ республикамизда 2023- йилнинг 1-25 ноябр кунлари аҳолини рўйхатга олиш тадбири амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирларини ташкил этишда турар жойлар ва бинолар рўйхатларини тузиш ҳамда регистраторлик участкасининг схематик режасига аниқлик киритиш  мақсадида, ушбу Қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 4-боб 24 бандига мувофиқ, 2022 йилнинг 1 августдан 1 сентябргача бўлган даврда республикамизда, жумладан Навоий вилоятида ҳам бино ва уй-жойлар хатловдан ўтказилиб, аҳоли яшаб турган бинолар ва уй-жойларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, аҳоли пунктларининг схематик хариталари аниклик киритилади. Бунинг учун вилоят бўйича 1 ой муддатга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида уй-жойларни рўйхатини тузувчилар (регистраторлар) жалб этилади. Регистраторлар регистраторлик участкаларига бириктирилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир нафар регистраторга тўғри келадиган ўртача 1000 та турар жой бинолари бўйича юкламадан келиб чиқиб шартли равишда регистраторлик участкаларига бўлинади. Бориш қийин бўлган ҳудудларда юклама сифатида ўртача 800 та турар жой бинолари олинади. Регистратор турар жойлар ва биноларни тўлиқ айланиб чиқиш орқали схематик планга аниқлик киритади: янги қурилган ва қурилаётган уйларни белгилайди ва бузилганларини ўчириб чиқади ҳамда яшовчилар сонини кўрсатган ҳолда турар-жойлар ва бинолар рўйхатини тузади. Улар 2022 йилнинг 1 августидан – 3 августига қадар турар жойлар ва бинолар рўйхатини тузиш ва регистраторлик участкасининг схематик режасига аниқлик киритиш бўйича махсус ўқитилади ва амалий машғулотлардан ўтказилади ва 2022 йилнинг 4 августидан – 31 августига қадар жойларда уй жойлар ва биноларни тўлиқ текшириб чиқиш ишлари амалга оширилади.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: