Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.
Шу боис, Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш
2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилиши белгиланди.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос
ва сифатли ўтказиш учун картографик материалларнинг аниқлиги
муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, Давлат кадастр палатаси Навоий вилоят бошқармаси ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари тайёрланди.
Шунингдек, Давлат кадастр палатаси Навоий вилоят бошқармаси ва вилоят ҳокимликлари шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига кадастр
ва маҳалла органлари билан биргаликда аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни рақамлаш ишлари амалга оширилди.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъий назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг сони, фуқаролиги, никоҳ ҳолати, таълим даражаси, яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони, уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.
Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белгилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.
Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Статистика бўлими