Yanvar 20, 2022

МАҲАЛЛАЛАРДА ЁШЛАР ЕТАКЧИСИ ЛАВОЗИМИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ, МАКТАБЛАРДА ЭСА БУ ЛАВОЗИМ ТУГАТИЛДИ

Президентнинг тегишли қарорига биноан, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланди:

-хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида (бугунги кунда 4 млн 110 минг сўм);

-хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – МҲТЭКМнинг 5,5 баравари миқдорида (бугунги кунда 4 млн 521 минг сўм);

-хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – МҲТЭКМнинг 6 баравари миқдорида (бугунги кунда 4 млн 932 минг сўм).

Ёшлар ишлари агентлигига Eтакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилди.

Ҳар чоракда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар Етакчилар 1 ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Бошқа ҳудудлардан келиб ўз фаолиятини олиб бораётган Етакчи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача (540 минг сўм) бўлган миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади.

Йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган Етакчиларга уй-жой олиш учун субсидия берилади.

Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади.

Ушбу етакчиларнинг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги 10 минг нафар ёшлар етакчилари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларнинг иш билан таъминланиши чораларини кўради.

 

Конимех туман адлия бўлими.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: