Sentabr 30, 2021

УСТОЗГА ЭҲТИРОМ

Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот — ўқитувчи ва мураббийларимизга эҳтиром кўрсатилади.

Бугун туман ҳокимлиги томонидан 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирда туман ҳокими М.Эгамқулов, туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман маънавият ва маърифат бўлими ходимлари, туман ХТБ ва туман МТБ ходимлари, фахрийлар, фаол ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этишди.

Тадбирда туман ҳокими 1 октябрь — ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан барча соҳа вакилларини табриклади.

– Ўқитувчи ва мураббийлар – янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир. Бугун сиз, азизлар билан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан бахтиёрман. Фурсатдан фойдаланиб, фидойи устозларимизни, таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган барча ўқитувчи ва мураббийларимизни юртдошларимни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман.

Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда бутун туманимиз халқи номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди, деди туман ҳокими ўз табрик сўзида.

Тадбирда шунингдек, туман сектор раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар ҳам сўзга чиқишиб, барчани 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклашди. Шундан кейин туман маданият бўлими ходимлари томонидан концерт дастури ташкил этилди.

Тадбир сўнггида фаол ўқитувчи ва мураббийлар ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

 Конимех тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: