“Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–708-сон, 16.08.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари Кенгаши ҳужжатлари устидан судга шикоят қилиш ва прокурор протест келтириши мумкинлиги белгиланди.
Суғориладиган ерни қурилиш қилиб ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик (2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ўрнатилди.
Суғориладиган ерни сотиш ёки уни қонунга хилоф тарзда ўзгага бериш учун жавобгарлик белгиланди. Унга кўра, ушбу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилади.
Бундан ташқари, қонун билан ерга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди.
Ер кодексида вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалик эҳтиёжлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш ваколати бекор қилиниб, ҳокимлар фақат ерни ижарага бериш бўйича танлов якунларини тасдиқлаши мумкин.
Вилоят ҳокимларининг ерга оид қарор лойиҳалари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.
Туман ҳокимларининг ерни ижарага бериш ҳуқуқи чекланиб, қуйидаги ерларни ижарага бериш шартномаси туман ҳокимлиги билан тузилади:
-Ҳукумат томонидан илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига, агросаноат кластерларига, инвесторларга берилган ерлар;
-вилоят ҳокимининг электрон танлов натижаларини тасдиқлашга оид қарори асосида ажратилган ерлар;
-электрон аукцион асосида берилган ерлар;
-хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига Ҳукумат томонидан ажратилган ерлар.
Конимех туман адлия бўлими.