Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

— Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир. Ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигини ҳам оилавий ажримлар асоси сифатида баҳолаш мумкин. Бундан ташқари, айрим куёвларнинг ичкиликка ружу қўйиши, баъзан гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлиши ҳам гулдек оилани парчалаб юбормоқда, — дейди Конимех тумани ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси С.Написова.

Шундай ажримларнинг олдини олиш мақсадида навбатдаги манзил Зафаробод қўрғонида туман ҳокими бошчилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Прокуратура, Ички ишлар, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ёшлар, қуда-андалар ўртасида яраштириш, тушунтириш ва тарғибот ишлари, давра суҳбати, учрашув ҳамда мулоқот ташкил этилди.

Дарҳақиқат, мавжуд 2 та “Зафаробод” ва “Кўкча” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилган. Масъуллар томонидан мазкур оилаларнинг муаммоларига биргаликда ечим топилиб, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилди. Яъни эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан алоҳида суҳбатлар олиб борилиб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланди. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар ва маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилди. Натижада 10 та оилавий ажримларнинг олди олиниб, эр-хотинлар яраштирилди. Энг қувонарлиси, бунинг самараси ўлароқ, 16 нафар боланинг тирик етим бўлиб қолишига чек қўйилди.

Кези келганда оилавий ажримларнинг яна бошқа омиллари ҳақида ҳам фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради.

Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникидагига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас.

Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади. Қолаверса, қонуний никоҳга нисбатан бефарқлик, шошма-шошарлик ортида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан, шаръий никоҳ билан кифояланиб турмуш қуриш ҳолатларини ҳам ҳеч иккиланмай ажримларга сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Конимех туман ҳокимлиги матбуот хизмати