Hurmatli foydalanuvchilar! Sayt test rejimida, tarkibni to'ldirish bo'yicha ishlar olib borilmoqda. Noqulayliklar uchun uzr so'raymiz. Sayt ma'muriyati.
May 18, 2021

Ўзбекистонлик дзюдочилар Қозоғистондаги Осиё кубогида 2-ўринни эгаллашди

Қозоғистонда бўлиб ўтган дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида Ўзбекистон спортчилари 14 та медални қўлга киритишди ва умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллашди.

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида 14−16 май кунлари Бекет Махмутов хотирасига бағишлаб дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтди. Мусобақада Осиё мамлакатларидан 200 га яқин татами усталари иштирок этишди. Бу ҳақда Миллий олимия қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Осиё очиқ кубогининг дастлабки икки кунида ўсмирлар татамига чиқишган ва унда Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 8 та кумуш, 11 та бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақанинг сўнгги кунида ёшлар ўртасидаги беллашувлар бўлиб ўтди. Ҳалимажон Қурбонова (-48 кг), Сита Кадамбаева (-52 кг), Фотима Курамбоева (78 кг), Абдулбосит Абдусалимов (-66 кг), Ўткирбек Тўрабоев (-100 кг), Шоҳрух Мамарасулов (+100 кг) олтин медалларни қўлга киритди. Жайхунбек Назаров (-73 кг) ва Исломбек Равшанқулов (100 кг) кумуш, Фарангиз Режепова (-63 кг), Фарангиз Холмуродова (-70 кг), Мамлакат Султонова (-70 кг), Шинар Ибраева (-78 кг), Шавкат Саитқулов (-66 кг) ва Дилшоджон Баҳодиров (-90 кг) бронза медалларни қўлга киритишди.

Сўнгги кунги баҳслар натижаларига кўра, ўзбекистонлик дзюдочилар 6 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза, жами 14 та медалга эга чиқишди.

Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин медаль фарқи билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг 2-ўринни банд этди.

gazeta.uz

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: