Мутахассисларнинг таъкидлашича, пахта етиштиришдаги барча агротехник тадбирларни муддатида ва сифатли ўтказиш муҳим ҳисобланади. Хусусан, чигит экиш ва униб чиққан ғўза ниҳолларига биринчи ишлов бериш алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тадбир сифатли бажарилмаса, майдонларда бир текис кўчат олинмайди, далалардаги нимжон ниҳоллар касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиб, туп сони камайиб кетади. Навоий вилоятида жорий йил 32 588 гектар майдонга чигит қадалган эди. Бугунги кунга келиб 18 999 гектар майдон 1-2 чинбарг, 9 190 гектари 3-4 чинбарг, 333 гектар ғўза майдони эса 5-6 чинбарг фазалари бўйича ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан жойлардаги ғўза майдонларида агротехник тадбирларни кечиктирмай, оби-тобида бажарилиши устидан назорат олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятда айни кунда ғўза қатор ораларига биринчи ва иккинчи ишлов бериш, культивация ишлари қизғин давом этмоқда. Вилоят бўйича 740 та культиватор мазкур тадбирга жалб этилган бўлиб, 11 май ҳолатига кўра, ўртача бир кунда 3,1 гектар майдон ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда. Мавсум бошидан буён 30 812 гектар майдонга биринчи, 7 249 гектар майдонга эса иккинчи ишлов бериш агротехник тадбири амалга оширилди.
– Ғўза қатор ораларига ишлов беришдан асосий мақсад – бегона ўтларга қарши курашиш, тупроқнинг юза қисмини майин юмшатиб, намни сақлаш, тупроқнинг тезроқ қизишини ҳамда микроорганизмларнинг яхши ривожланишини таъминлаш ҳисобланади, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Беҳзод Бозоров.- Ғўза қатор ораларига биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатларининг ишчи органлари тўғри ўрнатилганлиги ва созлигини назоратга олганмиз. Масалан, биринчи ишлов беришда чопиқ агрегатига 60 см кенгликдаги ҳар бир қатор орасига икки жуфтдан ротацион юлдузчалар, иккитадан қирқувчи пичоқ ва биттадан ўқёйсимон панжа ўрнатилади. Қатор ораси 90 см бўлганда ушбу тўпламга яна иккитадан қирқувчи пичоқ қўшилади. Далада бегона ўтлар кам бўлса, тупроқни майин юмшатиш учун қирқувчи пичоқлар ўрнига юмшатгич панжаларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ўғит солиш жараёни сифатли ва меъёрда амалга оширилиши учун ўғит солиш аппаратлари, ўғитўтказгичлар ва ўғит сошниклари ҳам соз бўлиши керак. Булар бўйича фермерларга керакли тавсиялар бериб келинмоқда.

Жорий йил Хатирчи туманида 10 685, Қизилтепада 8 359, Навбаҳорда 7 555, Карманада 5 440, Конимехда 549 гектар майдонга чигит уруғи экилган эди. Жумладан, Хатирчи туманида мавсум бошидан буён 10 070 гектар, Қизилтепа туманида 7 997, Навбаҳорда 7 018, Карманада 5 204, Конимехда эса 523 гектар ғўза майдон қатор ораларига биринчи ишлов берилди.
Қизилтепа туманида жорий йил 233 та фермер хўжалик ерида чигит қадалган бўлиб, бугунги кунда ҳудудда ғўзалар 4 845 гектар 1-2, 2 383 гектар 3-4, 84 гектар 5-6 чинбарг ривожланиш фазаларида ўсмоқда.
Туман бўйича 203 та культиватор қатор ораларига ишлов бериш учун жалб этилган. Мавсум бошидан буён 1 900 гектар майдонда иккинчи ишлов бериш ишлари бажарилди. Жумладан, “Оқ олтин” ҳудудидан “Нарзулло Турсун нияти”, “Бўстон” ҳудудидан “Косагарон орзуси” ва “Усто пахтакор” фермер хўжаликларида иккинчи ишлов бериш ишлари якунланиш арафасида.
– Пахта майдонимиз 45,8 гектар бўлиб, унга “Бухоро 6” чигит навидан экканмиз,- дейди “Нарзулло Турсун нияти” фермер хўжалиги раиси Тўлқин Турсунов. – Ҳозир тўлиқ ниҳолларимиз униб чиққан. Даламизда 2-культивация ишлари 70 фоизга бажарилди. Шу билан бирга бир марта ҳар гектарга 3 килограммдан карбамид билан суспензия сепиш ишлари ҳам бажарилди. 40 та мавсумий ишчимиз бор. Ғўзаларимиз тўлиқ чопиқ қилинди. Яганалаш тадбирини ҳам яқин кунларда якунлаймиз. Барча агротехник тадбирларни бориши ва сифатли бажарилишини “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими инспекторлари назорат қилиб боришмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, бугунги кунда вилоятда ғўзани чопиқ қилиш ва яганалаш учун 20 400 нафар ишчи пахта майдонларида меҳнат қилди. Мавсум бошидан буён 30 689 гектар майдон чопиқ қилинган бўлса, 16 815 гектар майдонда ғўзани яганалаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари мавсум бошидан буён вилоятда жами 347 та чуқур юмшатгич билан 14 954 гектар пахта майдонида чуқур юмшатиш агротехник тадбири бажарилди.
Ғўза агротехникаси тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида олиб борилиши эртанги ҳосилнинг чўғи баланд ва хирмоннинг баракали бўлиши гаровидир.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси
матбуот хизмати