Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
қарори мазмун-моҳияти бўйича
М А Қ О Л А
Давлатимиз раҳбари имзоланган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этди.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу борадаги ваколатларини кенгайтириш
ва фаол иштирокини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжат ушбу соҳада бир қанча сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлади.
Хусусан, барча қишлоқ туманларида “Томорқа хизмати” корхоналари ташкил этилди. Мазкур корхоналарнинг асосий вазифаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади.
Эндиликда, “Томорқа хизмати” корхоналари:
хўжаликлар ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситалар етказиб беради;
ерларни рекультивация қилиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишларини амалга оширади;
суғориш тизимини яратиш ва яхшилаш, сув насослари ўрнатиш, артезиан қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғоришни ташкил этади;
ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинларини ички
ва ташқи бозорларда сотиш, шу жумладан уларни тайёрлайди, сақлайди, қайта ишлайди ва экспорт қилади.
“Томорқа хизмати” корхоналари давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб уларнинг асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод қилинди.
“Томорқа хизмати” корхоналари ёки фермер хўжаликлари билан тузилган касаначилик шартномаси асосида фаолият юритаётган томорқа
ер эгалари бўлган – жисмоний шахслар уларнинг касаначилик фаолияти доирасида даромад солиғи ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.
Яна бир муҳим аҳамиятли янгилик, бу – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши бўлди.
Жамғарма ўзининг маблағлари ҳисобидан:
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 1 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига оган 3 йилга йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар беради;
тижорат банклари орқали “Томорқа хизмати” корхоналари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш ва савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар беради;
айланма маблағларга муҳтож бўлган “Томорқа хизмати” корхоналарининг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантиради.
Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб:
-деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўласа, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритиладиган бўлди;
-Кенгаш тизимида ишлайдиган пенсионерлар – пенсияси тўлиқ тўланадиган ишлайдиган пенсионерлар қаторига қўшилади, яъни Кенгаш
ва унинг тизимига кирувчи ташкилотларда ишлайдиган пенсионерлар пенсияни тўлиқ ҳажмда олади;
-фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари эса, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни 5 фоиз миқдорида тўлайдилар.
Шуниси ҳам муҳимки, 1 июлидан бошлаб барча фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари Кенгашга аъзолиги мажбурий ҳисобланади. Томорқа ер эгалари ҳам Кенгашга ихтиёрий равишда аъзо бўлиши мумкин.
Фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолиги туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади.
Конимех туман адлия бўлими бошлиғи Э.И.Файзуллаев