Hi, How Can We Help You?

Blog

Dekabr 21, 2020

Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқуловнинг 2020 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти

Бугун Конимех тумани ҳокимлиги мажлислар залида маҳаллий Кенгаш депутатларининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоят ҳокими ўринбосарлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Конимех тумани ҳокимлиги мутасаддилари, дахлдор корхона ва ташкилотлар, муассасалар масъуллари, тадбиркорлар ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди. Сессия ишида дастлаб Конимех тумани ҳокими Муратхан Эгамқуловнинг 2020 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, туманда жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 273,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104 фоизга, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 62,1 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 394,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,7 фоизга, шунингдек асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми эса 1 трлн 281 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125,1 фоизга ўсганлигини кузатиш мумкин.
Конимех тумани ҳақида гап кетганда, шу вақтга қадар кўпчиликнинг кўз ўнгида чорвадорлар замини номоён бўлар эди. Бундан тўрт-беш йил муқаддам Конимехга саноатнинг кириб келишига рости ҳеч ким ишонмас эди. Биргина жорий йилнинг ўзида саноат йўналишида умумий қиймати 50,9 млрд сўмлик жами 17 та лойиҳанинг ишга туширилиши эса ана шу афсоналар ҳақиқатга айланганидан далолатдир. Фикримиз далилини “Шожон Туз Груп” масъулияти чекланган жамият фаолияти мисолида ҳам илғаш қийин эмас. Мазкур корхона бир йилда 10 минг 250 тонналик тўрт хил турдаги туз маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Поёнига етаётган 2020 йилда корхона томонидан 4 млрд 675 млн сўмлик импорт ўрнини босувчи суюқ ва шифобахш туз маҳсулотлари  ишлаб чиқарилиб, маҳаллий бюджетга қўшимча 280 млн сўм миқдорида солиқ тушумлари туширилди. Шунингдек, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларида рўйхатда турувчи 50 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек маърузачининг таъкидлашича, жорий йилда “Феед Корм Чискенс”МЧЖ томонидан ишлаб чиқариш қуввати йилига 12 минг 500 тонналик озуқа ем маҳсулотлари ишалб чиқарилган. шу билан бирга, “Вояж инвест сервис” МЧЖ томонидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 75 тонналик қурилиш қумлари ишлаб чиқариш, “Навоий миллинг” хорижий корхонаси томонидан қиймати 1 млн АҚШ долларлик фосфор қазиб олиш ҳамда “Навоий экспорт компаний”МЧЖ томонидан эса 11 хил турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди. Сессияда туман ҳокими Муратхан Эгамқулов 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга мўлжалланган дастури юзасидан ҳам иштирокчилар олдида ҳисобот берди.

Бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналист ва блоггерлар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачидан атрофлича жавоблар олишди. Сессия иши ниҳоясига етгач, маҳаллий тадбиркорларнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда асосан тикув трикотаж, қоракўлчилик, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари намойиш этилди.

Тобора ниҳоясига етиб бораётган 2020 йилни меҳнатдаги улкан муваффақиятлар билан якунлаётган конимехликлар Янги йилни катта қувонч, олам-олам орзулар оғушида кутиб олишмоқда. Одамларни рози қилиш орқали аҳолининг турмуш-фаровонлигини ошириш бўйича туман ҳокимининг конимехликларга йўллаган мурожаатидан илиқ таассуротга эга бўлган фаоллар ва маҳаллий аҳоли вакиллари туман марказида қад ростлаган Янги йил арчаси атрофида Қорбобо ва Қор қизнинг дил изҳорлари ҳамда байрам шодиёналаридан ҳам баҳраманд бўлишди.

Шунингдек, байрам муносабати билан ҳокимлик томонидан арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасининг ташкил этилиши одамларни мамнун этиб, ҳар бир қалбга Янги йил шукуҳини мустаҳкамлади.

Конимех туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: