Бугунги кунда аҳоли хонадонларидаги газ жиҳозларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги мавсумни беталофат ўтказишда муҳим. Газ жиҳозларининг созлигини таъминлашда эса газ ходимларининг ҳиссаси катта.
Ҳозирда Конимех туманида табиий газдан фойдаланадиган 5405 та аҳоли хонадони бўлиб, уларнинг жами 3624 та газ жиҳозлари тўлиқ кўрикдан ўтган. Мавжуд 102 та улгуржи истеъмолчининг 57 та газ жиҳозига белгиланган шартнома асосида техник хизмат кўрсатилиб, тафтиш ишлари бажарилган.
“Konimextumangaz” газ таъминоти бўлимида уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш йўналишида 6 нафар чилангар фаолият олиб боради. Шулардан 1 нафари улгуржи истеъмолчилар, 5 нафари эса аҳоли истеъмолчиларининг газ жиҳозлари созлиги учун масъул ҳисобланади. Бўлим томонидан 2021 йил учун аҳоли ва улгуржи истеъмолчилардаги газ жиҳозларини таъмирлаш учун барча маҳаллаларга чилангарлар бириктирилиб, режа-графиклар ва чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Мавжуд тартиб-қоидага асосан, газ таъминоти ташкилоти тасдиқлаган жадвал ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарига белгиланган муддатларда хизмат кўрсатилади.
Тегишли ҳужжатларда газ жиҳозларини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатиш муддатлари қуйидагича белгиланган: кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда – бир йилда бир марта; турар жойлардаги газ плиталари, иситиш қозонлари ва иситиш печкалари – йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш – ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал.
Шуни унутмаслик керакки, маиший истеъмолчилар ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, приборлар, ускуналар, шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошқаларни соз ҳолатда сақлаш, электр ёритиш ва вентиляция тизимининг доимий ишлашини таъминлашлари зарур. Шунингдек, улар фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш юзасидан бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишлари шарт.
Шерзод Худойбердиев,
“Konimex tumangaz” газ таъминоти бўлимининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш хизмати бошлиғи