Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech
Авторизация Качественные шаблоны для dle скачать бесплатно, а также вы сможете посмотреть кино онлайн в HD качестве и прочитать для себя новые кулинарные рецепты.
Навба?ор тумани ?окимлиги расмий веб-сайти
 
 

“Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони

  • 17.08.2018, 11:22,
  • Муаллиф: admin,
  • Бўлим: Юрист минбари / Yangiliklar
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида

    Ҳар биримиз ўз фаолиятимиз давомида у ёки бу турдаги маъмурий ҳужжатларга дуч келамиз ва ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучига ишониб ҳаракат қиламиз.

    Маъмурий ҳужжат – бу жисмоний ва (ёки) юридик шахслар учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи давлат органи (вазирлик, идоралар) ёки мансабдор шахс (ҳоким)нинг ҳужжатидир.

    Давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳокимият вакиллари ҳисобланади. Улар ўз вазифаларини давлат номидан амалга оширишади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларни давлатнинг қарори деб билишади ва унга ишонч билдиришади.

    Демак, ҳар қандай маъмурий қарор давлатнинг айтган сўзи деб тушунилади. Инвестор ёки тадбиркор маъмурий ҳужжат асосида давлатга ишониб, ўз маблағларини маълум бир фаолият турига йўналтиради.

    Бироқ, қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқлар туфайли қатор муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Маъмурий ҳужжатларнинг баъзи сабабларга кўра юқори турувчи орган томонидан ёки шу ҳужжатни қабул қилган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор ёки инвестор зарар кўриб қолар ва бу зарар қоплаб берилмас эди.

    Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш амалиёти ҳам ачинарли аҳволда эди. Хусусан, жорий йилда адлия органлари томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда, ўтган икки йил ичида республика бўйича 4 689 та турар ва 1 456 та нотурар жойлар бузилганлиги, ер участкаларини олиб қўйишда айрим ҳокимликлар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланди.

    Шу каби қонун бузилишларини бартараф этиш ва мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

    Фармонга мувофиқ қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди. Хусусан:

    Фармонда биринчи марта "Ишончни ҳимоя қилиш принципи” тушунчаси қўлланилди. Унга кўра давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилса ёки бекор қилинса, унинг натижасида инвестор
    ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади.

    Бунинг учун қуйидаги шартларга амал қилинган бўлиши керак:

    1)тадбиркор томонидан маъмурий ҳужжат асосида маълум бир қийматда инвестиция киритган бўлиши;

    2)инвестор ва тадбиркорнинг инсофли бўлиши (қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда иш олиб борган, маъмурий ҳужжатни чиқариш учун пора бермаган);

    3)ҳужжат қабул қилингандан кейин маълум вақт ўтгач ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган.

    Мулкий зарар, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилган.

    Инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди. Илгари туман ҳокими ўзи чиқарган қарорга ўзи ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу коррупцион ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келар эди. Эндиликда инвестор ва тадбиркорлар судда ўзларининг манфаатларини томонларнинг тенглиги принципи асосида ҳимоя қилиш имконияти эга бўлдилар.

    Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишдан аввал манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилади, шунингдек фойда ва харажатлар баҳоланади. Фақат шундан кейингина ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Ушбу тартиб жорий йилнинг
    1 сентябридан бошлаб кучга киради.

    Манфаатдор шахслар деганда ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган кўчмас мулкнинг эгаси, унда доимий рўйхатдан ўтган
    ва яшаб келаётган фуқаролар, кўчмас мулк юридик шахсга тегишли бўлса, ташкилот раҳбари ва муассислари, ўзини-ўзи бошқариш органи, маҳаллий ҳокимлик вакиллари тушунилади.

    Фойда ва харажатларни баҳолашда давлат ўз мақсадига эришиш учун (масалан йўл қурилиши) қуйидаги ҳолатлар эътиборга олинади:

    1)айнан шу жойда жойлашган биноларни бузишдан кўриладиган фойда ва зарар нисбати;

    2)мақсадга эришиш (масалан, йўл қуриш) учун бошқа жойни танлаш имконияти мавжуд ё мавжуд эмаслиги;

    3)мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар-жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш ва ҳ.к.

    Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тартибига кўра, мулкдорга бузилаётган кўчмас мулкнинг қиймати тўлалигича қоплаб берилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, мазкур компенсация тўлови айнан қачон (кўчмас мулк бузилишидан олдин ёки кейин) тўланиши аниқ эмас эди. Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг
    1 сентябридан бошлаб мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати билан тўлиқ қоплангандан кейингина мулкни бузишга ва (ёки) ер участкасини олиб қўйишга рухсат берилади. Аҳамият беринг, бунда бузилаётган кўчмас мулк бозор қиймати билан баҳоланади.

    Олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар ҳисобланаётганда буюмларни, ишлаб чиқариш ускуналарини бир жойдан иккинчи жойга кўчириш билан боғлиқ харажатлар ҳам инобатга олинади.

    Бугунги кунга қадар қонунчиликда ер участкаларини қайси ҳолларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш мумкинлиги аниқ кўрсатилмаган эди. Шунингдек, "давлат ва жамоат эҳтиёжлари” тушунчасининг аниқ таърифи ҳам йўқ эди.

    Бундай ҳолат амалиётда ер участкаларини "давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун” деган ибора билан олиб қўйиб, бошқа тадбиркорлик субъектига бериш ҳоллари учрар эди. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилинишига ва аҳолида ҳақли эътирозларнинг юзага келишига сабаб бўлар эди.

    Ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хилликни таъминлаш мақсадида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг
    аниқ ҳолатлари Фармон билан белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат
    ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши мумкин бўлган бошқа ҳолларни белгилашда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари чекланмоқда.

    Ваколатлар марказдан ҳудудларга олиб берилди. Аввал инвестицион шартномалар фақат ҳуқумат даражасида тасдиқланар эди. Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар
    ва Тошкент шаҳар ҳокимларига 10 млн АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилди.

    Жорий тартибга асосан ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш муддати уч йилдан ўн йилгача этиб белгиланган. Шу билан бирга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкасини ижарага бериш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган. Эндиликда туман ҳокимлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 50 йилгача муддатга ижарага бериш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

    Доимий эгалик қилиш ҳуқуқи аукцион орқали сотиладиган бўлди. Яъни меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш амалиёти жорий этилди.

    Ер участкасини ижарага бериш тартибининг ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқидан афзал томони шундаки, инвесторга ер учаскаси доимий фойдаланиш учун керак бўлмаслиги мумкин. Шундай ҳолларда
    у ижара муддати тугаши билан киритган мол-мулкини ўзи билан олиб чиқиб кетиши мумкин бўлади.

    Фармонда Адлия вазирлигининг ташаббуси билан:

    чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан
    15 фоизгача камайтирилди;

    чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий жисмоний шахс ҳам қатнашишига имкон яратилди;

    чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди;

    чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараварга камайтирилди; (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг 32 ва 16 баравари миқдорида эди);

    акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдори
    400 миллион сўм этиб белгиланди (илгари 1,6 млрд сўм эди).

    Фармон билан Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра:

    инвестициявий фаолиятни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати лойиҳасини жорий йилнинг охиригача тайёрлаш;

    ер участкаларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этиш;

    лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан ислоҳ қилиш;

    акцияларни бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштиришни кенгайтириш ишлари амалга оширилади.

     

     

    Конимех туман адлия

    бўлими бошлиғи Э.И.Файзуллаев

    скачать dle 10.6фильмы бесплатно
ИзоҲ қолдириш
Бизнинг манзил

Навоий вилояти,Конимех тумани,Абай кўчаси 13-уй
Почта индекси: 210500
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш кунлари: Шанба, Якшанба.
Фуқаролар қабули: Жума куни
Биз билан богланиш

Алоқа рақами: (0436) 512-16-42
Факс: (0436) 512-24-30,512-15-05
Ишонч телефон рақами: (0436) 512-24-30
E-mail: konimex@nv.uz
Сайтга маьсул: Далмурадова Н.Н
Мурожаат тартиби
Мурожаат юбориш
Обуна бўлиш

Веб-сайт сўнгги янгиликларидан хабардор бўлиш учун қуйидаги кўрсатилган қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг.
Маьлумотнома

Диқат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Сайт ишланмаси:"NCC" ДУК

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech