Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech
Авторизация Качественные шаблоны для dle скачать бесплатно, а также вы сможете посмотреть кино онлайн в HD качестве и прочитать для себя новые кулинарные рецепты.
Навба?ор тумани ?окимлиги расмий веб-сайти
 
 

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти

  • 11.12.2018, 14:36,
  • Муаллиф: admin,
  • Бўлим: Normativ
  • 0
  • Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги
    Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини ёритиш бўйича
    МАҚОЛА

     

    1. "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуннинг зарурати?

    Маълумки, ҳар бир давлат хизматчиси ўз фаолияти доимий назорат остида эканини чуқур ҳис этиб бориши ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Айниқса бундай назоратни бевосита халқнинг, жамоатчиликнинг ўзи олиб бориши жуда ҳам муҳим саналади.

    Республикамизда, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий механизмлари босқичма-босқич мустаҳкамлаб келинмоқда. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди.

    Умуман олганда, давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришга қаратилган юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Уларнинг жумласига "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатларини киритиш мумкин.

    2014 йилда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар эса жамоатчилик назорати институтига конституциявий мақом бағишлади. Яъни жамоатчилик назорати Конституциямизнинг 32-моддасида аниқ белгиб қўйилди.

    Бироқ, шу билан бирга жамоатчилик назоратига оид қоидалар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тарқоқ ҳолда берилган бўлиб, бундай назоратни амалга ошириш механизмлари йўқ эди.

    Ваҳоланки, юртимизда турли соҳаларда ислоҳотлар жуда ҳам тез ва жадаллик билан олиб бориляпти. Бу эса ўз навбатида фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортишига ҳам сабаб бўлмоқда. Эндиликда муаян бир давлат органининг самарали ишлаши устидан фуқароларимиз ёки фуқаролик жамияти институтларининг ўзи назорат қилмоқда.

    Бу эса соҳада махсус қонун қабул қилишни талаб этди. Айнан шунинг учун Президентимиз ўз чиқишларида ҳам Олий Мажлисга Мурожаатномаларида ҳам бир неча маротаба "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати ҳақида таъкидлаб ўтган эдилар.

    2.Жамоатчилик назоратини ким амалга оширади?

    "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуннинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтсам. Қонун 21 та моддадан иборат.

    Хўш бундай назорат ким томонидан амалга оширилади? деган саволга Қонунда 4 та субъект санаб ўтилмоқда. Булар авваламбор Ўзбекистон Республикаси фуқаролари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларидир.

    Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

    3. Жамоатчилик назорати кимнинг устидан олиб борилади?

    Айтиш лозимки, Қонунда жамоатчилик назорати объекти аниқ очиб берилмоқда. Унга кўра давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қуйидаги соҳадаги фаолияти жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланади:

    қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, дастурларда жамоатчилик манфаатлари ва фикрини ҳисобга олиш бўйича;

    фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти;

    ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни самарали бажариш бўйича;

    сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича;

    ижтимоий шериклик доирасида битимлар, шартномалар, лойиҳа ва дастурларни бажариш бўйича фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир.

    4. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш усуллари, назорат шакллари?

    Қонунда 8 та шакл санаб ўтилмоқда. Улар:

    1) давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш;

    2) давлаторганларининг очиқ ҳайъатмажлисларида иштирок этиш;

    3) жамоатчилик муҳокамаси;

    4) жамоатчилик эшитуви;

    5) жамоатчилик мониторинги;

    6) жамоатчилик экспертизаси;

    7) жамоатчилик фикрини ўрганиш;

    8) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш.

    Энди улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам!

    Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар ҳақида гапириб ўтирмайман, чунки ушбу назорат шакли амалиётда ариза, шикоят ва таклифлар бериш ҳамда сўровлар юбориш тарзида аллақачон қўлланиб келинмоқда.

    Худди шундай жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органларининг очиқ ҳайъатмажлисларида иштирок этиши масаласи ҳам "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунда мавжуд. Бунда давлат органлари уларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида жамоатчилик назорати субъектларининг иштирок этишлари учун белгиланган тартибда шароит яратишлари лозим бўлади.

    Эндижамоатчилик муҳокамасига келадиган бўлсак, жамоатчилик муҳокамасига деганда, биз авваламбор ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, давлат органларининг бошқа қарорларини оммавий муҳокама қилишни тушунишимиз лозим.

    Жамоатчилик эшитувлари нима дегани? Давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли бўлган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш жамоатчилик эшитуви ҳисобланади.

    Навбатдаги назорат шакли бу жамоатчилик мониторингидир. Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали кузатиш – бу жамоатчилик мониторингидир.

    Жамоатчилик экспертизаси. Бундай экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига қанчалик мувофиқлигини аниқлаш учун уларни ўрганиш ва баҳолашдан иборатдир.

    Жамоатчилик фикрини ўрганиш.Бундай назорат шакли – турли ижтимоий гуруҳларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги фикрини баҳолаш мақсадида ахборотни йиғиш, умумлаштириш ҳамда таҳлил этишдан иборатдир.

    Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш. Бу назорат шакли ҳам аслида янгилик эмас. Биламизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ фуқаролар йиғини ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг, ички ишлар органлари инспекторларининг, жойлардаги таълим ва тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ҳисоботлари ва ахборотлариниэшитади.

    5. Жамоатчилик назоратининг натижалари?

    Албатта ҳар қандай иш унинг натижаси билан баҳоланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонунда жамоатчиликназоратининг натижалари белгиланди. Унга кўра жамоатчиликназорати натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда якуний ҳужжат тайёрланади.

    Якуний ҳужжатда берилган таклифлар тавсиявий характерда бўлсада уларни давлат органлари томонидан кўриб чиқиш мажбурий ҳисобланади.

    Хусусан, Қонунда давлат органларининг мажбуриятлари санаб ўтилган бўлиб, унга мувофиқ давлат органлари:

    жамоатчилик назорати субъектларига ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этишга;

    жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган мурожаат, сўров, таклиф ва тавсияларларни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқишга ва уларга ўз вақтида жавоб қайтаришга мажбурлар.

    Қонун давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати каби конституциявий норманинг амалга ошириш механизмини белгилаб беради.

    Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига қонун билан юклатилган вазифаларни қай даражада бажарилаётганлиги устидан назоратни яна бошқа бир давлат органи эмас, балки айнан жамоатчилик томонидан олиб борилишини ҳуқуқий жиҳатан яна бир бор мустаҳкамлайди.

     

     

     

    Конимех туман адлия бўлими бошлиғи Э.И.Файзуллаев

     



     

    скачать dle 10.6фильмы бесплатно
ИзоҲ қолдириш
Бизнинг манзил

Навоий вилояти,Конимех тумани,Абай кўчаси 13-уй
Почта индекси: 210500
Иш вақти: 09:00 - 18:00
Тушлик вақти: 13:00 - 14:00
Дам олиш кунлари: Шанба, Якшанба.
Фуқаролар қабули: Жума куни
Биз билан богланиш

Алоқа рақами: (0436) 512-16-42
Факс: (0436) 512-24-30,512-15-05
Ишонч телефон рақами: (0436) 512-24-30
E-mail: konimex@nv.uz
Сайтга маьсул: Далмурадова Н.Н
Мурожаат тартиби
Мурожаат юбориш
Обуна бўлиш

Веб-сайт сўнгги янгиликларидан хабардор бўлиш учун қуйидаги кўрсатилган қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг.
Маьлумотнома

Диқат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг.

Сайт ишланмаси:"NCC" ДУК

Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech